25/02/2024
Уламоларимиз китобларида уларнинг даврларида содир бўлмаган, аммо содир бўлиб қолса, бундай масалага қандай ечим қилиш мумкин экани ҳақида ёзиб қолдирганини кўрасиз. Бу ҳақиқатда уламоларимизнинг доимо банд бўлиб, бир неча қадам олдинни кўра олишларидан далолат бўлган. Бу ўз навбатида кейинги авлодни ҳам бир қадам олдинга интилишларига, ечилиб бўлган масалалар билан эмас, ечилиши керак бўлган масалалар билан банд бўлишларига ундаган. Шунинг учун ҳам ўша даврларда ислом цивилизацияси гуллаб-яшнаган.
Ҳозирги кунда баъзи тадбиркор дўстларимизнинг корхонаси гуллаётган бўлса ҳам яна бир нарсаларни ўйлаб юрганига гувоҳ бўламан. Корхонаси тизимлашган, ўзи эса кўпинча чет элда бўлади. Баъзи инсонлар уни мазза қилиб юрибди, деб ўйлайди. Аммо ҳақиқатда ундай эмас. У чет элга муаммо қидириб кетган бўлади. Яъни корхона ҳозирча ишлаб турибди, лекин бу неча йил ёки ой давомида шундай ишлай олади, шуларни тахмин қилади ва кейин уни қандай муаммолар кутиб турганини ўрганади. Шу тариқа у доимо бир неча қадам олдинда юради. Бундай инсонларни халқсевар, мақсадли тадбиркорлар деб биламан.
Ҳар бир соҳада ҳам шундай интилиш бўлса, ҳали содир бўлмаган воқеалар масалаларига ечимлар излашни ўргана олсак, инша Аллоҳ яна қайта илм-фанда, иқтисодда юқори паллаларни эгаллаймиз!