28/08/2026
ЖИЗЗАХ ШАҲРИДА ЗАМОНАВИЙ “BMB BUSINESS MARKAZ” ОЧИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорлик субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш ва ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббусларининг кенгайишига мустаҳкам замин яратмоқда. Яратилган қулай шароитлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан замонавий ва истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти.
Жумладан, 2026 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах шаҳрида BMB HOLDING томонидан амалга оширилган янги лойиҳа - “BMB BUSINESS MARKAZ”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда BMB HOLDING таъсисчиси Азиз Маматқулов, Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбари Бобур Умрзоқов ҳамда Меҳнат фахрийси Саъдулла Шукуровлар мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор учун яратилаётган кенг имкониятлар ва ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
Қайд этилганидек, “BMB BUSINESS MARKAZ”нинг ишга туширилиши Жиззах шаҳрида бизнес, савдо, хизмат кўрсатиш ва таълим соҳаларини ривожлантириш, аҳолига замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган изчил фаолиятининг навбатдаги амалий натижасидир.
Жиззах шаҳри, Наврўз маҳалласи, Шароф Рашидов кўчаси, 44А-уй манзилида жойлашган “BMB BUSINESS MARKAZ” замонавий архитектура ва кўп функционалликлик тамойиллари асосида барпо этилган. Қурилиши 2025 йил август ойида бошланган мазкур мажмуа 2026 йил август ойида якунланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 27,5 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳа тўлиқ BMB HOLDINGнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, бош пудратчи - “BMB High-Tech” корхонаси ҳисобланади.
Беш қаватли бинода маҳаллий бизнес вакиллари учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, юқори тезликдаги интернет ва Wi-Fi, видеокузатув, замонавий иситиш ва совитиш тизимлари, 2 тонна юк кўтариш қувватига эга лифт ҳамда 800 квадрат метрлик автотураргоҳ ташкил этилган.
Лойиҳанинг концепциясига кўра, бизнес-марказда савдо, умумий овқатланиш ва таълим хизматлари бир жойда жамланган. Шунингдек, биринчи босқичда бинонинг пастки қаватларида “BMB Market”, SABER савдо белгиси дўконлари ҳамда “Z BURGER” тез тайёрланадиган овқатланиш тармоғи фаолияти йўлга қўйилган.
Иккинчи босқич доирасида бизнес-марказнинг юқори қаватларида таълим йўналишини қамраб олувчи замонавий ўқув-таълим маркази ҳамда “Book Cafe” ташкил этиш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бизнес-марказда замонавий таълим ёндашувлари ва ўқитиш усуллари асосида ёшлар ҳамда аҳоли учун янги билим ва амалий кўникмаларни эгаллашга қаратилган таълим хизматларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу эса ҳудудда таълим хизматлари сифатини ошириш, ёшларнинг замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Янги лойиҳанинг ишга туширилиши Жиззах шаҳрида бизнес, савдо, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади. Айниқса, “BMB BUSINESS MARKAZ”нинг босқичма-босқич ривожлантирилиши орқали таълим йўналишининг кенгайтирилиши ёшлар ва аҳоли учун замонавий ўқув хизматларидан фойдаланиш имкониятларини янада оширади.
BMB HOLDING учун ҳар бир янги лойиҳа - халқимиз учун янги имконият, замонавий хизматлар ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган муҳим қадамдир.